
“Сити”дан тўртта гол еган “Реал” ҳимояга 19 ёшли футболчини олиб келади
“Реал” раҳбарияти келаси мавсум олдидан таркибни кучайтиришни режалаштирмоқда. Хусусан, мадридликларда ҳимоя чизиғини мустаҳкамлашга эҳтиёж бор.
Клуб скаутлари орқа чизиққа португалиялик ҳимоячи Антониу Силванинг салоҳиятини юқори баҳоламоқда. 19 ёшли футболчи Лиссабоннинг “Бенфика” жамоаси шарафини ҳимоя қиляпти.
Клуб тарбияланувчиси ҳисобланган Силва 2022 йилдан бери асосий таркиб вакили ҳисобланади. Шу билан бирга ўтган йилнинг ноябрь ойидан Португалия терма жамоасига ҳам жалб этилмоқда ва ҳозиргача учта учрашувда қатнашишга улгурди.
Todofichajes нашрининг хабар беришича, “қироллик клуби” бу трансферни ёзда амалга оширмоқчи ва мавсум якунланиши билан Лиссабон клубига расмий таклиф юборади.
Жорий мавсумда Португалия чемпионатида 29 та учрашувда қатнашиб, ҳимоядаги вазифаларини уддалашдан ташқари рақиблар дарвозасини уч маротаба ишғол қилган футболчи 25 миллион еврога баҳоланмоқда.
Фикрлар